ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИСИ – ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ ДИРЕКТОРИНИНГ МУРОЖААТИ

Ҳурматли ҳамкасблар! Азиз юртдошлар!Коррупция — давлат ва жамият тараққиётига жиддий таҳдид солувчи, фуқароларнинг адолат ва давлат институтларига бўлган ишончига путур етказувчи иллатдир. Шу боис мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолига сифатли ва манзилли ижтимоий хизматлар кўрсатиш, эҳтиёжманд фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бюрократик тўсиқларни камайтириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган замонавий механизмлар изчил жорий этилмоқда. Айниқса, ижтимоий хизматларни рақамлаштириш, фуқароларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш, давлат хизматларидан фойдаланишда тенглик ва адолат тамойилларини таъминлаш устувор вазифаларимиздан биридир. Бироқ очиқ тан олишимиз керак — тизимда коррупция, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви, бюрократия ва хизмат ваколатларидан нотўғри фойдаланиш каби салбий ҳолатлар ҳали ҳам учраб турибди. Бундай ҳолатларга бефарқ қараш — нафақат давлат манфаатларига, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам зарар етказади. Шу сабабли коррупцияга қарши курашишни фақат масъул ходимларнинг эмас, балки ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз ва виждоний масъулиятимиз, деб билишимиз лозим. Тизимдаги ҳар қандай камчиликни яшириш эмас, уни ўз вақтида аниқлаш, сабабларини бартараф этиш ва такрорланишига йўл қўймаслик — умумий вазифамиздир. Ҳурматли юртдошлар! Агар Сиз Агентлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлсангиз, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви ёки қонунчиликка зид бошқа ҳолатлар ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, бу ҳақда тегишли тартибда мурожаат қилишингизни сўрайман. Сизнинг мурожаатингиз, фикр ва таклифларингиз тизимдаги муаммоларни аниқлаш, уларга ечим топиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга. Мақсадимиз шаффоф, адолатли ва инсон манфаатларига хизмат қиладиган ижтимоий ҳимоя тизимини барпо этишдир! Зеро, коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлигини таъминлашда иштирок этиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир. Мансурбек Оллоёров, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий ҳимоя бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори.