Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси
Миқдори
2 484 000 сўм
бир марталик тўлов 126 кун учун
Асос
ПФ-87, 07.03.2022 й.
ПФ-175, 25.07.2022 й.
ВМҚ-515, 20.09.2022 й.
Ахборот тизими
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими
Агентликга ўтказилиши
01.01.2025
Нафақа кимларга тайинланади?
Юридик шахсларда меҳнат шартномасига асосан охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.
Қаерга мурожаат қилинади?
Нафақа фуқароларнинг мурожаатларисиз «проактив шакл»да тайинланади ва тўланади. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ҳудудий амбулатор-поликлиникаларда (тиббиёт муассасаларида) электрон расмийлаштирилади ва автоматик равишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига юборилади.
Нафақани тайинлаш бўйича қарор қандай қабул қилинади?
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи, меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари ва унинг юридик шахсларда ишлаши тасдиқланганда, нафақани тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади.
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими томонидан:
нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, нафақанинг тўлов шакли ва муддати бўйича;
нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, рад этиш сабаблари бўйича нафақа олувчининг мобил телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг Ягона миллий меҳнат тизимидаги шахсий кабинетларига автоматик тарзда хабарнома юборилади.
Қандай ҳолатларда нафақа тайинланмаслиги мумкин?
Аёл:
1) бюджет ташкилотида банд бўлганда («UzASBO» ДМ да актив ҳолат);
2) якка тартибдаги тадбиркорда банд бўлганида;
3) умуман банд бўлмаганида;
4) меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кунга қадар охирги 6 ой (180 кун) давомидаги узлуксиз иш стажи бўлмаганида. Бунда, ушбу даврда 31 кундан кўп бўлмаган танаффуслар узилиш деб ҳисобланмайди;
6) меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган кунга қадар охирги 6 ой (180 кун) давомида меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлмаганда.
Қандай ҳолатларда иш берувчи ва ходим иш стажида номутаносибликни бартараф этиш лозимлиги ҳақида хабар олади?
Нафақа олувчининг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи давридаги меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари мавжуд бўлса ва Ягона миллий меҳнат тизимида иш стажи тўғрисидаги маълумот бўлмаган тақдирда ёки Солиқ қўмитаси базасидаги маълумотлар билан тўғри келмаганда, бу ҳақида нафақа олувчининг телефон рақамига СМС-хабар, шунингдек, иш берувчининг шахсий кабинетига хабарнома юборилади.
Нафақа олувчининг иш стажи номутаносиблиги (нотўғри киритилганлиги ёки киритилмаганлиги) хабарнома олинган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунига қадар Ягона миллий меҳнат тизимида иш берувчи томонидан тўғриланиши лозим. Хабарнома юборилган нафақа олувчиларнинг охирги олти ой давомидаги узлуксиз иш стажи хабарнома юборилган ойдан кейинги ойнинг охирги иш кунида қайта текширилади. Номутаносиблик тўғриланмаган ҳолларда, нафақа тайинлашни рад этилади.
Нафақа тўловлари қачон ва қаерда амалга оширилади?
Нафақа олувчиларнинг банк пластик картаси мавжуд бўлса, ушбу картага тўлов амалга ошириладиган ойда (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ойдан кейинги ой) нафақа ўтказилади. Бунда, актив ҳолатда бўлган, охирги 60 кун давомида охирги транзаксия амалга оширилган банк пластик картаси танлаб олинади.
Нафақа олувчининг банк пластик картаси бўлмаганда, тўлов нақд пул кўринишида АТ «Халқ банки» бўлими (филиали) томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси расмийлаштирилган ойдан кейинги ойнинг 27 санасигача тўлаб берилади.