Онлайн ариза шакли






    Қонун устувор – жазо муқаррар

    18 Март, 2024

    981

    15 март куни Самарқандда юз берган воқеага ишониш қийин бўлсада, ҳар қандай муаммонинг ечими уни қабул қилишдан бошланишини тушунишимиз керак. Мажбурий равишда кишанбанд қилинган ўсмирга малакали психологлар томонидан зарур ёрдам кўрсатилмоқда, айни пайтда унинг саломатлигига ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ.

    Қонунбузарга нисбатан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак Рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади.

    Юртимизда бирорта ҳам вояга етмаган шахс бундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун жамиятимизда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз.

    Кези келганда айтишим керакки, мазкур жиноят фош бўлишига ҳисса қўшган, ўз вақтида ички ишлар органларига хабар берган ҳушёр ва ғамхўр жамоатчилик вакилларидан чин дилдан миннатдорман. Уларнинг ёрдами билан ўсмир учун янада аянчлироқ зўравонликларга дучор бўлишининг олди олинди.

    Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши учун барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатади. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан.

    Шаҳноза Мирзиёева

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган