Ўзбекистонда ногиронликни белгилашнинг самарали механизмлари муҳокама қилинди
9 Август, 2024
973
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида «Ногиронликни белгилашнинг самарали механизмлари ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати тизимини такомиллаштириш» мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарнинг мақсади ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг тиббий-ижтимоий экспертиза хизматини яхшилашга қаратилган.
Бунинг доирасида иштирокчилар ногиронликни белгилашда янги механизмларни жорий этиш, фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини тақдим этиш жараёнларини соддалаштириш ва функционал баҳолаш усулларини муҳокама қилдилар.
«Мақсадимиз – адолатли тизимни жорий этиш. Йил давомида 515 минг кишининг мурожаатларини манзилли ва самарали ҳал қилиш – олдимизга қўйган асосий вазифамиз.
Адолатли тизимни жорий этишда шаффофликни таъминлаш, бунда рақамлаштиришга катта аҳамият қаратамиз. Инсон омилисиз ногиронликни белгилаш юртимиздаги мазкур соҳанинг тўла халқаро стандартларга мос келишини таъминлайди», – деди Агентлик директори Мансурбек Оллоёров.
Семинарда ногиронликни эрта аниқлаш ва олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу жараёнда оилавий шифокорларнинг ўрнини ва ролини янада кучайтириш бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида, иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахслар учун тизимли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтишди ҳамда тиббий-ижтимоий экспертиза хизматини замонавий талаблар асосида ривожлантиришга оид аниқ таклиф ва тавсиялар берилди.


