Янги тартибдаги ногиронликни белгилаш, инклюзив жамият ва бандлик масалалари муҳокама қилинди
23 Сентябр, 2024
1292
Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг масъул вакиллари томонидан янги тартибдаги ногиронликни белгилаш, инклюзив жамиятга эришиш ва ногиронлар учун бандликни таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ижтимоий ҳимоя: янги тартибдаги ногиронликни белгилаш, инклюзив жамият ва бандлик” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида ногиронлиги бўлган шахсларни инклюзивлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш масалалари ҳақида сўз борди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ногиронликни белгилашнинг янги тизими ҳақида тўхталдилар. Хусусан, жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ-257-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 1 сентябрдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, my.gov.uz, “Инсон” марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Бунда “Инсон” марказлари ходимлари томонидан ЖСС ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий хусусиятлар ва шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилди.
Ногиронликни белгилаш жараёнида автоматик тарзда муҳтожлик белгиланиб, керакли ПОМ (протез ортопедия мосламалари) ва РТВ (реабилитация қилишнинг техника воситалари) маҳсулотлари учун ваучер шакллантирилади. Электрон тижорат ёки my.ihma.uz даги шахсий аккаунт орқали муҳтож шахс керакли воситага буюртма бериши ва фойдаланиши мумкин бўлади.
Май ойидан буён ҳозиргача ушбу тизим орқали 43 мингдан ортиқ ваучер шакллантирилди. Шундан 22500 нафар фуқаро ўзига керакли маҳсулотларига буюртма қилган. Шундан 17500 нафардан ортиқ фуқарога керакли воситалар етказиб берилган. 5000 таси етказиб бериш жараёнида.
Протез олган ва бошқа ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ва спортга йўналтириш бўйича муҳим қадамлар ташланди.
Хусусан, жорий йилнинг февраль ойида давлат идораларида 20 минг нафар, тижорат бандларида эса 1 минг нафар ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш бўйича янги ҳамкорлик тизими ишга тушди. Биргина ИҲМА (Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги) тимидаги ишчиларнинг 10% НБШ ташкил этади.
Бугунги кунга келиб ушбу тизимда 52 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари учун танлов эълон қилинди. Малака талабларига жавоб берган 3400 дан ортиқ фуқаролар иш билан таъминланди.
Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳам 90 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлашди.
Матбуот анжумани сўнггида ОАВ вакиллари билан Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзивлик ва тенг имкониятларни қўллаб-қувватлаш, имтиёзлар бўйича қизғин суҳбат бўлиб ўтди.


