Энг кам пенсия ва нафақа миқдорлари минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилди
2 Май, 2024
876
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» 2024 йил 30 апрель куни ПФ–69-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб минимал истеъмол харажатлари 648 минг сўм миқдорда белгиланганлиги сабабли қуйидаги пенсия ва нафақалар миқдорлари оширилди:
- иш стажи тўлиқсиз чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 648 минг сўм;
- ёшга доир нафақа миқдори – ойига 648 минг сўм;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчи бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 648 минг сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақасини олувчи бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 648 минг сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган (парваришлаш) нафақа миқдори – ойига 648 минг сўм этиб белгиланди.
Бунинг натижасида 1 061 минг нафар энг кам пенсия ва нафақа олувчи фуқароларнинг пенсия ва нафақалари минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилади.
Шунингдек, 2024 йил майдан хусусий секторда ишловчи аёлларга Ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари миқдори 2 592 минг сўмни ташкил этди.
Бундан ташқари, «Ижтимоий ҳимоя ягона реэстри» ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда оила даромади мезони сифатида минимал истеъмол харажатларининг янги миқдори 648 минг сўм қабул қилинди.
Минимал истеъмол харажатлари янги миқдорининг амалиётга жорий этилиши натижасида чора-тадбирларни молиялаштириш учун жорий йил якунига қадар жами 262 млрд сўм йўналтирилади.
Маълумот учун: юқоридаги миқдорда пенсия ва нафақа олувчиларга пенсия ва нафақалар жорий йилнинг май ойидан янги миқдорда тўланади.