Фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами кенгайтирилмоқда
30 Август, 2023
838

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Оллоёров Мансурбек Полвонзода Тошкент вилоятида бўлиб, Янгийўл ва Чиноз туманларидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва уларда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакиллари, ногиронлиги бор фуқаролар, ҳимоя ордери берилган аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолишининг олдини олиш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида сўз борди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори шунингдек, “Афғон” маҳалласидаги ўзини ўзи банд қилган оила вакиллари билан истиқомат қилиб келаётган оилаларнинг яшаш шароитини яқиндан ўргандилар.
Хусусан, Мансурбек Оллоёров имконияти чекланган инсонларни касб-ҳунарга ўқитишга ихтисослашган мактабда бўлиб, ўқувчилар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотларини кўздан кечирди. Ногиронлиги бор 10 нафар фуқароларни иш билан таʼминловчи “Пронто” текстил ишлаб чиқариш корхонасида, яратилган шароитларни ўрганди ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари раҳбарларига шу сингари корхоналарга имконияти чекланган фуқароларни ишга жойлаштириш имкониятларини ўрганиш вазифасини юклади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари Чиноз туманидаги 4-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолияти билан ҳам танишди.





