Онлайн ариза шакли






    Туркия оила ва ижтимоий хизматлар вазирлиги билан Англашув меморандуми имзоланди

    16 Май, 2024

    875

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров бошчилигидаги делегацияси 16-17 май кунлари Истанбулда бўлиб ўтаётган Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг ижтимоий ҳимоя сиёсати учун масъул вазирларининг биринчи йиғилишида иштирок этмоқда.

    “Глобаллашган дунё хавфларига қарши: бизнинг оиламиз бизнинг келажагимиз” мавзусидаги тадбир глобал ва минтақавий ижтимоий муаммолар ечимига бағишланган декларациянинг асосини ташкил этадиган қўшма ҳаракатларни муҳокама қилиш ва ривожлантириш мақсадида ўтказилмоқда.

    Ташриф давомида Агентлик раҳбари Туркия оила ва ижтимоий хизматлар вазири Маҳинур Ўздемир Гўкташ билан учрашув ўтказиб, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, болалар, аёллар ва қарияларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ижтимоий хизматлар ва ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

    Шунингдек, икки мамлакат ижтимоий ҳимоя идоралари ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.

    Мазкур ҳужжат томонларнинг ижтимоий ҳимоя соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш истиқболларини мустаҳкамлайди. Бунда ижтимоий ёрдам жараёнларини оптималлаштириш учун ахборот технологияларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ўзаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ва тажриба алмашиш халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини кўрсатиб, Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар ўртасидаги қўшма ташаббуслар учун янги замин яратмоқда.

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган