Сенат томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни маъқулланди
21 Июн, 2024
1063
Бугун Олий Мажлис Сенатининг 53-ялпи мажлисида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Хусусан, ўзгартиришлар орқали қонунга ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишга ҳуқуқлари бўйича алоҳида моддалар киритилмоқда.
Унга кўра, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаши, шу жумладан, суд жараёнининг барча босқичларида, шунингдек суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда бевосита ёки билвосита иштирок этишини таъминлаш бўйича чораларни кўриши белгилаб ўтилмоқда.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бошқалар билан тенг равишда бевосита ёки ўз вакиллари орқали жамият ва давлатнинг сиёсий ҳаётида иштирок этиш ҳуқуқларини таъминланиши, сайлов жараёнларида овоз бериши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев мазкур йиғилишда қуйидагиларни таъкидлаб ўтди:
“Қонунга киритилаётган мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга ҳамда ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Барча амалга оширилаётган ислоҳотлар ногиронлиги бўлган шахсларни жамиятга интеграция қилиш, улар учун тўсиқсиз муҳит яратиш, уларнинг касбий, ижодий, кундалик турмушнинг барча босқичларида тенг имкониятлар асосида иштирок этишлари учун шарт-шароитлар яратиб беришга қаратилган.
Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотлар ижтимоий инфратузилма объектларини ногиронлиги бўлган шахслар учун оқилона мослаштириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириши шартлиги кўрсатиб ўтилмоқда.
Бундан ташқари, қулай мультимедиа воситалари ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш орқали ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишга оид ҳуқуқлари янада мустаҳкамланмоқда.