Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича Президент қарори қабул қилинди
16 Июл, 2024
1160
Ҳужжат билан, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб:
Дастлаб, Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябрга қадар республиканинг қолган ҳудудларида мй.гов.уз, “Инсон” марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;
тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади;
“Инсон” марказлари ходимлари томонидан ЖСС ногиронликни баҳолаш шкаласининг маҳаллий хусусиятлар ва шарт-шароитларга мослаштирилган мезонлари асосида 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади.
Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябрга қадар ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди.
Агар ногиронлик белгиланиши керак бўлган шахс “Инсон” марказларига бора олмаса, баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб: ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади;
2025 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади.
Шунингдек ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади;
вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади.
Қарорга кўра, 18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашдаги ҳамда ПОМ ва РТВ га муҳтожлик маълумотлари “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади.
Бунда шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижалари ўртасида тафовут бўлган тақдирда ногиронликни белгилаш ёки рад этиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ТИЭКлари томонидан амалга оширилади.
Фуқароларга 1-марта ногиронлик белгилангандан сўнг “Инсон” марказлари томонидан уларни таълим ва касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, спортга жалб этиш ҳамда психологик қўллаб-қувватлаш бўйича индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режалари ишлаб чиқилади ва ижроси мониторинг қилиб борилади.
Батафсил: https://lex.uz/pdfs/7021644