Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш: муаммолар, ечимлар ва медианинг ўрни
17 Апрел, 2025
63
Бугун, 17 апрель куни Тошкент шаҳридаги “АТЕCА” меҳмонхонасида “МедиаДиалог: Шаффофлик ва бошқарув” платформасининг навбатдаги эксперт учрашуви бўлиб ўтди.
Мазкур учрашув “Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш: муаммолар, ечимлар ва медианинг ўрни” мавзусига бағишланиб, унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, “Шароит Плюс” ННТ, “ПРАХИС ПЛЮС” МЧЖ ҳамда нодавлат ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбир ногиронлиги бўлган шахсларни бандликка жалб этишдаги мавжуд тўсиқларни аниқлаш, амалий ечимлар ишлаб чиқиш ва жараённи ёритишда оммавий ахборот воситаларининг ролини мустаҳкамлашга қаратилди.
Агентлик масъул ходими Жаҳонгир Баҳромов ўз тақдимотида иш берувчиларни рағбатлантиришга қаратилган механизмларни ёритди.
Хусусан, Агентлик томонидан ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган корхоналарга субсидия ажратиш, ижтимоий солиқ ставкаларини пасайтириш ва квота режасини тўлиқ бажарган субъектларга қўшимча преференциялар бериш тартиби батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий ҳимояни ривожлантириш институти директори ўринбосари Адиба Нуруддинова томонидан “Ногиронлиги бўлган ёшлар меҳнат бозорида дуч келаётган тўсиқлар: тадқиқот тақдимоти” ўтказилди
Учрашув якунида иштирокчилар қўшма тадқиқотлар ва ҳисоботлар тайёрлаш, ОАВда ижобий тажрибаларни ёритиш учун ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.