Минимал истеъмол харажатлари ижтимоий тўловлар ва нафақалар миқдорига қандай таъсир кўрсатади?
2 Феврал, 2024
1053
2023 йил инфляция даражасидан келиб чиқиб, 2024 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 621 минг сўм этиб эълон қилинди.
Эндиликда, 2024 йил 1 февралдан бошлаб қуйидаги нафақалар миқдори 608 минг сўмдан 621 минг сўмга оширилади:
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларнинг ёшга доир нафақалари (74,9 минг нафар);
- боқувчисини йўқотганлик учун нафақа олувчиларнинг нафақалари (51,2 минг нафар);
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача боланинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакилнинг (68,4 минг нафар) парваришлаш нафақалари.
Бундан ташқари, хусусий секторда ишловчи аёлларга тўланадиган ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг давлат бюджетидан қопланадиган миқдори ҳам 2 272 минг сўмдан 2 484 минг сўмга оширилади.
Шунингдек, минимал истеъмол харажатлари миқдорининг оширилиши натижасида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали қўшимча 63 минг нафар кам таъминланган оилага реабилитацияси нафақаси ва моддий ёрдам тайинланиши кутилмоқда.
