Онлайн ариза шакли






    Махсус мактабларда битирув имтиҳонлари бошланди

    31 Май, 2025

    41

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги 90 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда 2024/2025 ўқув йилининг якуний давлат аттестацияси жараёнлари давом этмоқда.

    Жорий йилда алоҳида таълим эҳтиёжларига эга жами 1686 нафар ўқувчи 9- ва 11-синфни битирмоқда. Улардан 978 нафари 9-синф, 708 нафари эса 11-синф битирувчиларидир.

    Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи, кар ва заиф эшитувчи, таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан ёзма имтиҳонлар ўтказилди.

    Ақлий ривожланишида нуқсони бўлган болалар эса Технология фанидан амалий имтиҳон топширди.

    Аттестация жараёнлари ҳар бир ўқувчининг индивидуал эҳтиёжлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, методик тавсиялар асосида ўтказилмоқда. Имтиҳонлар давомида психолог ва педагоглар томонидан зарурий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш таъминланмоқда.

    Бу ёндашув болаларнинг билимини баҳолаш ва уларни мустақил ҳаётга тайёрлашда муҳим роль ўйнайди.

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган