Онлайн ариза шакли






    Ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида асосий олимпиаданинг Республика босқичи ўтказилмоқда

    25 Март, 2025

    1293

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йıл 9-сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” 562-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг 2025 йил 3 мартдаги 51-сонли буйруғи асосида Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг вилоят босқичида ғолибликни (1-, 2-, 3- ўрин) қўлга киритган 145 нафар 11-синф ўқувчилари ўртасидаги фан олимпиадасининг Республика босқичи жорий йилнинг 24-27 март кунлари Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернатида ўтказилмоқда.

    Республикамиздаги Ихтисослаштирилган мактаб-интернатларининг вилоят босқичида ғолибликни (1-, 2-, 3- ўрин) қўлга киритган 145 нафар 11-синф ўқувчилари 4 та (математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти, тарих) фанлар бўйича олимпиада жараёнида иштирок этади.

    Умумтаълим фанлари -математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиётидан – 2025 йил 25-26-март кунлари икки турда (ёзма иш ва тест синовлари) ўтказилади. Тарих фанидан бир турда (тест синови) ўтказилади.

    Олимпиадани очиқ, адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида олимпиада ўтказиладиган аудиторияларда ва ҳакамлар ҳайъати учун ажратилган хонада видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Олимпиада жараёнини ота-оналар тўғридан-тўғри кузатиб бориш учун 4 та монитор ва тегишли шарт-шароит яратилган.

    Шунингдек, олимпиада жараёнини ижтимоий тармоқларда ёритиб бориш учун Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам жалб этилган.

    Республика ҳудудларидан келадиган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари ҳамда ҳакамлар ҳайъати аъзолари Самарқанд шаҳридаги 59- ва 60-сонли ихтисослаштирилган таълим муассасаларида барча шарт-шароитлар яратилган ётоқхонага жойлаштирилди.

    Олимпиада ўтадиган кунлари иштирокчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш бошқармалари, Электр тармоқлари ва бошқа тегишли идораларга фан олимпиадалари ўтказилиши бўйича топшириқлар етказилган ва олимпиада ўтадиган кунлари Самарқанд шаҳридаги 59-сонли “Нурли маскан” мактаб-интернатида осойишталикни таъминлаш чоралари кўрилган.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан иштирокчиларга қимматбаҳо эсдалик совғалар топширилади.

    Шунинг билан биргаликда ғолиблар тегишли тартибда

    1-ўрин учун – 4 500 000 сўм,

    2-ўрин учун – 3 000 000 сўм,

    3-ўрин учун – 2 250 000 сўм пул мукофотлари билан тақдирланади.

    Асосий фан олимпиаданинг Республика босқичида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи электрон сертификатлар берилади.

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган