“Инклюзив жамият: ногиронликни баҳолашнинг ижтимоий модели ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хизматлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди
18 Апрел, 2024
1017
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)кўмагида ногиронликни аниқлаш методологиясини ишлаб чиқмоқда, у халқаро фаолият таснифи ва ногиронларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция асосида фаолиятни баҳолашни ўз ичига олади.
IHMA, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Ижтимоий ҳимоя бўйича глобал альянслар – Ўзбекистон” (ГАСП-УЗ) лойиҳаси билан ҳамкорликда инклюзив жамият яратиш ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ногиронликнинг тиббий моделидан ижтимоий моделга ўтиш мавзуларига бағишланган давра суҳбатини ташкил этди.
Давра суҳбатида ногиронликнинг ижтимоий моделида инклюзивлик тамойиллари, барча фуқаролар учун тенг имкониятлар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, ушбу тамойилларни амалиётда татбиқ этиш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинди.
“Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга оид ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, аҳолига ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини тубдан ошириш мақсадида мазкур соҳага илғор халқаро стандартларга асосланган мутлақо янги бошқарув тизими жорий этилди” – дея таъкидлади Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директор ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев.
Гибрид форматда ташкил этилган тадбирда 100 га яқин қатнашчилар хусусан, давлат органлари, нодавлат нотижорат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, экспертлар, фаоллар, имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбир сўнггида томонлар Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар учун инклюзивлик ва тенг имкониятларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутувчи аниқ чора-тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга қаратилган вазифалар белгиланиб, амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тадбирнинг ўтказилиши мамлакатда ижтимоий ҳимояни ривожлантиришнинг янги босқичга чиқишини ҳамда давлат ва халқаро ҳамкорларнинг янада адолатли ва инклюзив жамият яратишга интилишининг тасдиғи бўлди.


