Онлайн ариза шакли






    Ижтимоий ҳимоия миллий агентлиги ва Uzum Market реабилитация воситалари билан таъминлаш бўйича қўшма лойиҳани ишга туширди

    14 Май, 2024

    1029

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Uzum Market” миллий маркетплейси ташаббуси билан муҳтож шахсларга республика  бўйлаб жойлашган исталган етказиб бериш пунктлари орқали реабилитация воситаларини буюртма қилиш имконияти яратилди.

    Муҳтож шахслар субсидия олиш учун мурожаат қилганида, Uzum Market да RTV маҳсулотларини сотиб олиш учун махсус промо-кодни қўлга киритадилар. Хизмат ҳозирда тест режимида Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятининг бир қанча туманларида мавжуд бўлиб, муваффақиятли синовдан сўнг, республиканинг барча вилоятлари аҳолиси зарур реабилитация ускуналарини сотиб олиш учун йўлланмалар олишлари мумкин бўлади.

    “Бизнинг вазифамиз ногиронларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришига кўмаклашиш, уларни реабилитация қилиш учун зарур бўлган барча воситалар: қўлтиқтаёқ, ногиронлик аравачаси ва бошқа зарур воситалар билан таъминлашдан иборат”, – дейди Ижтимоий ҳимоя  миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров. — Uzum Market билан ҳамкорлигимиз туфайли биз бутун мамлакат бўйлаб энг замонавий технологик ечимлар ва улкан инфратузилмадан фойдаланишимиз мумкин. Демак, минглаб Ўзбекистон фуқаролари учун кундалик муаммоларни ҳал қилиш, одатдаги турмуш тарзига қайтиш ва севимли иши билан шуғулланиш ҳам осонлашади.

    “Биз қурган ва ривожлантиришда давом этаётган инфратузилма ёрдам бериши керак – бу “Uzum Market”нинг ишлаш тамойилларидан биридир”, – дейди маркетплайс бош директори Илшат Хаметов. – Ижтимоий ҳимоя агентлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйган лойиҳамиз ҳам биз учун муҳим аҳамият касб этади. Жорий йилда мамлакатимиз бўйлаб 200 дан ортиқ аҳоли пунктларини қамраб олган ҳолда етказиб бериш пунктлари тармоғини 3 баробарга оширишни мўлжаллаяпмиз, бу эса ёрдамга ҳақиқатан ҳам муҳтожлар учун янада қулайроқ имконият яратилишини  англатади.

    Муҳтож шахслар учун барча промо-кодлари телефон рақамларига боғланган ва фақат ишончли сотувчиларнинг маҳсулотлари учун амал қилади. Промо-код ёрдамида Ўзбекистон фуқаролари маълум тоифадаги товарларни харид қилишда чегирма олишлари мумкин бўлади. Промо-кодда эса ИҲМА маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган телефон рақамига боғланган аккаунт орқали бир марта фойдаланиши мумкин.

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган