Онлайн ариза шакли






    Ижтимоий хизмат ва ёрдам олувчиларнинг муаммоларини самарали ҳал қилишда индивидуал эҳтиёжни аниқлашнинг аҳамияти

    19 Феврал, 2025

    2414

    Ижтимоий хизмат ва ёрдам олувчининг индивидуал эҳтиёжларини аниқлаш ижтимоий иш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда асосий жиҳат ҳисобланади. Ҳар бир инсоннинг эҳтиёжлари ўзига хос эканлиги ва кўрсатилаётган хизматларнинг самарадорлигини кафолатлаш учун ҳар бир ёрдам олувчига ёндашув мослаштирилган бўлиши кераклигини тушуниш муҳимдир.

    Индивидуал эҳтиёжлар нима?

    Индивидуал эҳтиёжлар – бу инсоннинг тўлақонли яшаши, фаровонликка эришиши ва ижтимоий мослашуви учун зарур бўлган шароитлар ва ресурслардир. Бу эҳтиёжлар нафақат озиқ-овқат, уй-жой, тиббий ёрдам каби асосий эҳтиёжларни, балки ҳиссий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий интеграция, ривожланиш ва ўз-ўзини фаоллаштириш каби мураккаб жиҳатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

    Ижтимоий хизматлар контекстида индивидуал эҳтиёжларни аниқлаш ҳар бир инсонга айнан қандай хизматлар зарурлигини аниқлашга ёрдам беради. Бунга қуйидагилар кириши мумкин:

    Психологик ёрдам,

    Тиббий хизматлар,

    Таълим хизматлари,

    Ижтимоий ва меҳнат муносабатларида ёрдам бериш.

    Ижтимоий хизматлардан олувчилар эҳтиёжларининг турлари ҳам мавжуд бўлиб,  улар ижтимоий хизматлардан олувчиларнинг ҳаётий шароитларига қараб турлича бўлиши мумкин: 

    асосий эҳтиёжлар (жисмоний, моддий): уй-жой, озиқ-овқат, кийим-кечак, тиббий ёрдам.

    ижтимоий эҳтиёжлар: мулоқот, жамиятга қўшилиш, ижтимоий алоқаларга бўлган эҳтиёж.

    эмоционал эҳтиёжлар: қўллаб-қувватлаш, эътибор, тушуниш, ҳимояга бўлган эҳтиёж.

    касбий ва таълим эҳтиёжлари: ўқитиш, меҳнат реабилитацияси, ишга жойлашиш учун зарур бўлган кўникмаларга бўлган эҳтиёж.

    психологик эҳтиёжлар: психологик ёрдам, ҳиссий қўллаб-қувватлашга бўлган эҳтиёж.

    Ижтимоий хизмат олувчининг индивидуал эҳтиёжларини қандай аниқлаш мумкин?

    Индивидуал эҳтиёжларни аниқлаш жараёни бир неча босқич ва усулларни ўз ичига олади.

    Индивидуал эҳтиёжларни аниқлашда ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг зарур шакли, турлари, ҳажми, даврийлиги, шартлари, ижтимоий хизматлар кўрсатиш муддатлари, ижтимоий хизматларни олувчиларга тавсия этилган ижтимоий хизматлар кўрсатувчилар рўйхати белгиланади.

    Ижтимоий хизматларга индивидуал эҳтиёжни аниқлаш ҳаётий вазиятни ўрнатилган тартибда баҳолаш асосида амалга оширилади.

    Ижтимоий хизматлар олувчиларнинг ижтимоий хизматларга индивидуал эҳтиёжи уларнинг одатдагидек қулай муҳитда бўлиши, шу жумладан, боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи, боланинг ота-онаси билан биргаликда яшаш ҳуқуқини таъминлаш тамойилидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши лозим.

    Ҳаётий вазиятни баҳолашда шахснинг турмуш шароити ва оилавий таркиби, ижтимоий хизматларни бепул кўрсатиш учун камбағалликни аниқлашда ҳисобга олинган даромадлари, интернат шаклида ижтимоий хизматларни олиш соғлиғига ножўя таъсир қилмаслиги тўғрисидаги тиббий ҳужжатлар (тиббий муассасанинг хулосаси асосида) дан келиб чиқиш керак. Шунингдек, амалга оширилган индивидуал режа натижалари, шахснинг ижтимоий хизматларга индивидуал эҳтиёжини белгилайдиган бошқа шартлар ҳам ҳисобга олиниши лозим.

    Эҳтиёжларни аниқлашда ижтимоий ходимларнинг ўрни

    Ижтимоий ходимлар ижтимоий хизмат ва ёрдам олувчиларнинг эҳтиёжларини аниқлаш жараёнида алоҳида ўрин тутади. Улар индивидуал ёндашув асосида ташхис қўяди, муаммоларни аниқлайди ва ҳар бир ижтимоий хизмат ва ёрдам олувчининг ўзига хос хусусиятларига қараб ёрдамни мослаштирган ҳолда ечимларни таклиф этади. Ижтимоий ходим эътиборли, сезгир бўлиши ва мижознинг барча мумкин бўлган эҳтиёжларини аниқлаш учун уни тинглашга тайёр бўлиши муҳим ҳисобланади.

    Ҳар бир ижтимоий хизмат олувчининг муаммоларини самарали ҳал қилиш,  уларга тегишли ёрдам кўрсатиш, турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий мослашувга кўмаклашишда индивидуал ёндашув катта аҳамиятга эга.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бошқармаси мутахассислари томонидан “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам олувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини аниқлаш бўйича услубий тавсиялар” ишлаб чиқилган бўлиб, тегишли буйруқ билан тасдиқланган.

    Айнан мазкур услубий тавсиянома юзасидан жорий йилнинг 18 февраль куни туман (шаҳар) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг маҳаллалардаги ижтимоий ходимлари учун онлайн-семинар бўлиб ўтди.

    Ушбу семинарга 3000 нафарга яқин ижтимоий ходимлар иштирок этди.

    Ижтимоий хизмат олувчиларнинг индивидуал эҳтиёжларини аниқлаш ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнида муҳим босқич ҳисобланади. Бу жараён индивидуал хизмат дастурларини тузиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилишни ўз ичига олади. Шуни йодда тутиш керакки, ҳар бир инсоннинг эҳтиёжлари ўзига хос бўлиб, уларни тўғри аниқлаш ва муаммоларни ҳал қилиш ижтимоий хизмат ва ёрдам олувчиларнинг ҳаётини яхшилашга ёрдам беради.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти ҳузуридаги

    Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг

    Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш

    тизимини такомиллаштириш бошқармаси

    Улашиш

    Neotech да ишлаб чиқилган