Ижтимоий тармоқларда “Отасидан қўрқаётган болакай” сарлавҳали хабарлар юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ
3 Март, 2024
830
Ижтимоий тармоқларда “Отасидан қўрқаётган болакай” сарлавҳали хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан ҳолатни ўрганиш ва назоратга олиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ таркибига маҳалла фуқаролар йиғини раиси, агентликнинг мутасадди ходимлари билан бир қаторда вилоят асаб ва руҳий касалликлар диспансери психиатрлари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт шифокорлари жалб этилди.
Дастлабки ўрганиш давомида аниқланишича, Сирдарё тумани “Quyosh ” МФЙда яшовчи 2018 йилда туғилган А.Р.А. 2020 йилдан ота-онасининг қарамоғисиз қолиб вақтинча бобоси ва бувисининг уйида яшаган бола Сирдарё тумани ҳокимининг 2023 йил 15 июндаги қарори билан Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни 10-19-21-моддалари ҳамда “Quyosh” MFY томонидан тузилган далолатномага асосланган ҳолда тоғаси Э.Б.А.га васийликка берилади.
Ўрганиш давомида вояга етмаган шахс психиатрр ва невропатолог кўригидан ўтказилди ва унинг руҳий ҳолати яхши экани, атрофдагилар билан мулоқотга осон киришаётганлиги кузатилди.
Аммо шифокорларнинг хулосаларига кўра унда ситуатсион невроз, яъни отаси билан учрашган вақтида боланинг руҳиятида салбий ўзгаришлар содир бўлгани қайд этилди. Юзага келган ҳолатни олдини олиш мақсадида шифокорлар хулосасига таянган ҳолда суд томонидан ота ва боланинг кўришиш ишини вақтинча тўхтатиш таклифи билдирилган.
Ушбу ҳолат агентликнинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан назоратга олинган. Юзага келган вазият юзасидан комплекс ўрганишлар давом эттирилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.