Жиззах вилоятида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти ўрганилди
13 Март, 2024
1415
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Оллоёров Мансурбек Полвонзода бошчилигидаги ишчи гуруҳ жорий йилнинг 12-13 март кунлари Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Ишчи гуруҳ ташриф давомида “Nurli maskan” кўзи ожизлар мактаб интернати, Жиззах вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, “КОJ EZGU Niyat” ўқув ишлаб чиқариш масъулияти чекланган жамият корхонаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази Жиззах вилоят ҳудудий бўлимига ташриф буюрди. “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг янги тизимида давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик механизми кўриб чиқилди.
Агентлик раҳбарияти Арнасой туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ажратилган бино ҳолатини ўрганди. Марказнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланиши айтиб ўтилди. Фуқароларнинг мурожаати юзасидан М.Оллоёров тумандаги иккита хонадонга бориб, муаммоларни ўрганди, уларнинг ечими юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги биносида уй-жой олиш учун навбатда турган 10 нафар ота-она қарамоғисиз қолган болалар билан учрашув ташкил этилиб, уларнинг келажакдаги режалари билан танишилди. Ташриф якунида ҳокимликнинг мажлислар залида “Инсон” марказлари раҳбарлари, бош ижтимоий ходим, супервайзерлар ва шу билан бирга ҳамкор ташкилот масъул ходимлари билан соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этишга қаратилган танқидий йиғилиш ўтказилди.


