Васийлик ва ҳомийлик органининг ваколатлари ва функциялари
26 Март, 2025
1454
Вазирлар Маҳкамасининг
2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарорига
1-илова
Ўзбекистон Республикасида вояга етмаган шахсларга нисбатан
васийлик ва ҳомийлик органи тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
- Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ вояга етмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органининг ваколатлари ва функцияларини белгилайди.
- Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
вояга етмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи (кейинги ўринларда – васийлик ва ҳомийлик органи) – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази;
муқобил жойлаштириш шакллари – васийлик ва ҳомийликни белгилаш, болани фарзандликка олиш, тутинган (фостер) оила (оилага тарбияга (патронат) бериш ва оилавий болалар уйи (қисқа муддатли, узоқ муддатли ёки ихтисослаштирилган жойлаштириш хизмати), ихтисослаштирилган тарбия муассасалари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шакллар;
тутинган ота-оналар – етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тутинган (фостер) оилага олган фуқаролар.
- Васийлик ва ҳомийлик органидан ташқари бошқа органлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг муқобил жойлаштиришга муҳтож бўлган болаларни жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
2-боб. Васийлик ва ҳомийлик органининг
ваколатлари ва функциялари
- Боланинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидаги ёхуд бола ҳақиқатда яшаётган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органи муқобил жойлаштириш шаклларига (бундан болаларни васийликка, ҳомийликка ва фарзандликка бериш мустасно) берилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний вакили ҳисобланади.
- Васийлик ва ҳомийлик органи ўз ваколатлари доирасида:
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни аниқлаш, муқобил жойлаштириш шаклларига йўналтириш ва уларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ болаларнинг ҳисобини юритади, уларнинг жойлаштирилганлиги ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиладиган кўчар ва кўчмас мол-мулки ҳақидаги маълумотларнинг электрон шаклини “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими орқали юритади;
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аниқланган болаларнинг турмуш
ва яшаш шароитларини баҳолайди ҳамда уларнинг ижтимоий мақомини белгилайди;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;
васий ва ҳомий бўлиш, болани фарзандликка, оилага тарбияга (патронат) олиш ёки оилавий болалар уйини ташкил этиш истагини билдирган ҳамда номзодларга қўйиладиган талабларга мос бўлган шахсларни танлашни, шунингдек, ҳисобга олишни амалга оширади;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни муқобил жойлаштириш шаклларига бериш ҳамда уларнинг давлат рўйхатидан ўтказиладиган кўчар ва кўчмас мол-мулкини бут сақлаш бўйича чоралар кўради;
боланинг индивидуал ривожланиш ва интеграция режаларини тузади ҳамда ўрнатилган тартибда ушбу режаларнинг ижроси юзасидан мониторингни амалга оширади;
тутинган (фостер) оилада, ихтисослаштирилган тарбия муассасалари
ва ташкилотларида тарбияланаётган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қонуний вакили сифатида уларнинг ҳуқуқ
ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқларини таъминлашда алимент тўловлари, боланинг соғлиғини тиклаш ва реабилитацияси учун қўшимча харажатларни ота-она ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслардан бола фойдасига ундириш бўйича судга ариза (даъво аризаси) киритади;
ихтисослаштирилган тарбия муассасалари ва ташкилотларидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оиласига қайтариш, муқобил жойлаштириш чораларини кўради ва бу жараённи мувофиқлаштиради;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланишини таъминлаш бўйича чоралар кўради;
васийлар ва ҳомийлар ҳамда тутинган ота-оналарнинг ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажариши устидан назоратни амалга оширади, уларга васийликдаги ва ҳомийликдаги ёки тарбияга олинган болаларни тарбиялашда, тиббий кузатувини ташкил этишда ёрдам кўрсатади;
васийликни ва ҳомийликни белгилаш, тугатиш, болаларни тутинган
ота-оналарга тарбияга бериш, улар билан тузилган шартномаларни бекор қилиш, васийларни ва ҳомийлар ёки тутинган ота-оналарни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш бўйича чоралар кўради;
боланинг тарбияси, ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид пайдо бўлган ҳолларда, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан болага нисбатан ғамхўрлик кўрсатмаслик ҳаракатларининг мавжудлиги, боланинг зўравонликдан жабрланганлиги аниқланган ҳолларда, уни ота-онасидан ёхуд ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан олиб қўйиш чораларини кўради;
боланинг оиладан ажратилишини олдини олиш, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага яқин муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида оилани мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс хизматларни ташкил этиш чораларини кўради;
ота-оналар ва болалар ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган ҳолларда, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судда болаларнинг манфаатларини ифода этади;
белгиланган тартибда ота-оналарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида даъво тақдим этади, судларда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёки уларнинг ҳуқуқини чеклаш тўғрисида, шунингдек, ота-оналик ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда иштирок этади;
васийликдаги ёки ҳомийликдаги ёхуд тутинган ота-оналар тарбиясидаги болаларга маслаҳат ёрдами, ҳуқуқий, ижтимоий, психологик-педагогик
ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш муассасалари, бандликка кўмаклашиш бўлимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.
Васийлик ва ҳомийлик органи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
- Васийлик ва ҳомийлик органининг болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашдаги алоҳида функциялари қуйидагилардан иборат:
а) судлар томонидан болалар тарбияси тўғрисидаги низоларни
кўриб чиқиш йўналишида:
суд томонидан болалар тарбияси тўғрисидаги низолар кўриб чиқилаётганда иштирок этиш;
болани ўз тарбиясига беришни талаб қилаётган шахснинг (шахсларнинг) турмуш шароитларини ўрганиб далолатнома тузиш ҳамда судда асосланган фикр билдириш;
боланинг ҳаётига ёки унинг соғлиғига бевосита хавф туғилганда, болани ота-онадан (уларнинг биридан) ёки болани ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан зудлик билан фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ва ички ишлар органи иштирокида далолатнома асосида олиб қўйиш;
бола олиб қўйилганлиги ҳақида прокурорни хабардор қилиш;
болани олиш ва уни бошқа шахс (шахслар)га бериш билан боғлиқ суднинг ҳал қилув қарорларини мажбурий тартибда ижро этишда иштирок этиш;
вояга етмаган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб уларнинг
ота-оналарини бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш бўйича судга ариза (даъво аризаси) киритиш;
суд томонидан боладан алоҳида яшайдиган ота-оналарнинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартибини белгилашда иштирок этиш;
б) оилаларни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича чораларни кўриш йўналишида:
ота-оналар томонидан болаларнинг манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилгани маълум қилинганида, оиладаги вазиятни комплекс баҳолаб, хатар омилларини аниқлаш;
боланинг оилада ҳаёти, соғлиғи ва тарбияси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида масъул давлат органларини жалб қилиб, боланинг индивидуал ҳимоя режасини тузиш ва оиладаги бола хавфсизлигига таҳдид солувчи омилларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни белгилаш;
боланинг хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки ота-онанинг ўз мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилувчи хатар омилларини бартараф этиш учун психологик, тиббий, таълим, ҳуқуқий, ижтимоий хизматлар, иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бўйича кўмак кўрсатилишини ташкил этиш ҳамда оилада хавф бартараф этилганлигини мониторинг қилиш;
ўз мажбуриятларини бажармаётган ота-оналарни масъул давлат органлари билан бирга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фарзанди олдидаги мажбуриятларини бажаришга жалб этиш;
ота-оналарнинг хулқ-атворида ижобий ўзгаришлар юз берганида, уларнинг ота-оналик ҳуқуқини тиклаш бўйича чоралар кўрилиши юзасидан судга асослантирилган хулоса ва тавсиялар бериш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун муқобил жойлаштириш шаклларини танлаш жараёнида уларни қариндошларининг оиласи даврасида сақлаб қолиниши устуворлигини таъминлаш бўйича чоралар кўриш;
в) туғилишни қайд этиш йўналишида:
қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бола туғилганлиги ҳақидаги, шунингдек, ўн олти ёшгача бўлган боланинг туғилишини қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига туғилишни қайд этиш муддатини ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилган ариза бериш;
туғилишни қайд этишда боланинг отаси ва онаси ҳақидаги
маълумотлар бўлмаган ҳолларда, ота ва она ҳақидаги ёзувларни белгилаш бўйича кўрсатма бериш;
ота-она ўртасида боланинг исми ва (ёки) фамилияси бўйича келишув бўлмаганда, келиб чиққан низони суд тартибида кўриб чиқишда иштирок этиш;
агар эр-хотин ажралганидан, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганидан кейин ёки ота-онадан бири оталик ёхуд оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганидан сўнг, болани ўз тарбиясига олган ота ёки она унга ўз фамилиясини беришни хоҳласа, боланинг манфаатларини ҳисобга олинган ҳолда ҳал этиш;
г) болалар тарбияси ва улар билан кўришиб туриш йўналишида:
ота-она ўртасидаги боланинг тарбияси ва таълимига доир келишмовчиликларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ҳал этиш;
ота-оналар (улардан бири) боланинг яқин қариндошларига у билан кўришиб туришни рад этган ҳолларда, агар яқин қариндошлари билан кўришиш боланинг манфаатларига зид бўлмаса, ота-онани (улардан бирини) бундай кўришиб туришларга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш;
д) болаларни муқобил жойлаштириш шаклларига бериш йўналишида:
болани васийликка, ҳомийликка, фарзандликка, оилага тарбияга (патронат) ҳамда оилавий болалар уйига олиш истагини билдирган шахсларни ҳар томонлама ўрганиш ва ўрганиш натижасида ушбу шахсларни номзод сифатида рўйхатга олиш, уларнинг ҳисобини юритиш;
судларга вояга етмаган шахсларни фарзандликка олиш асосли эканлиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тақдим этиш ва суд жараёнида иштирок этиш;
фарзандликка олиш сирининг сақланишини таъминлаш;
фарзандликка олишни бекор қилиш учун судга белгиланган тартибда ҳужжатлар тайёрлаш;
болаларни тутинган (фостер) оилага бериш бўйича тутинган ота-оналар билан шартномалар тузиш;
болаларни оилага жойлаштириш имконияти бўлмаганида, якуний чора сифатида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган тарбия муассасалари ва ташкилотларига жойлаштириш чораларини кўриш;
тутинган (фостер) оила ҳамда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган тарбия муассасалари
ва ташкилотларига жойлаштирилган болаларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ доимий ёки вақтинча рўйхатга қўйиш чораларини кўриш;
тутинган ота-оналар ўз мажбуриятларини бажармаган, тарбиясидаги болага ғамхўрлик кўрсатмаган тақдирда, улар билан тузилган шартномани бекор қилиш;
васийликка, ҳомийликка берилган ёки муқобил жойлаштиришнинг бошқа шаклларида тарбияланаётган болани фарзандликка олиш учун
ота-она розилиги талаб қилинмайдиган ҳолатларда розилик бериш;
болани фарзандликка, тутинган (фостер) оилага олиш истагини билдирган номзодларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тайёрлов курсларида таҳсил олиши учун йўллаш;
тутинган ота-оналар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда ва тартибда тўловларнинг ўз вақтида етказилишини таъминлаш;
муқобил жойлаштириш шаклларига берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини, васийлар ва ҳомийлар, фарзандликка олганлар, тутинган ота-оналар, ихтисослаштирилган тарбия муассасалари
ва ташкилотлари ходимлари томонидан ўз мажбуриятларини бажариши юзасидан ўрнатилган тартибда назорат ва мониторингни амалга ошириш;
е) вояга етмаган шахсларни тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация) йўналишида – вояга етмаган, ўн олти ёшга тўлган шахс, агар у меҳнат шартномаси бўйича ишлаб турган ёки ота-онаси, фарзандликка олганлар ёхуд ҳомийнинг розилиги билан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган бўлса тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиш бўйича қарор қабул қилиш;
ж) боланинг мулкий ҳуқуқларини таъминлаш йўналишида:
боланинг етим қолиши ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганлиги сабабли нотариал идораларда унинг мулкий манфаатларини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда муҳофаза қилишда иштирок этиш;
етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган пенсия ва алиментлар белгиланиши юзасидан ваколатли давлат органларига мурожаатлар қилиш ҳамда уларга нафақа тайинлаш чораларини кўриш;
етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола тўлиқ давлат таъминотидаги муассасада ёки бошқа ташкилотларда, шунингдек, тутинган (фостер) оилада тарбияланаётган даврида пенсия, алиментлар, шунингдек, бола учун белгиланган бошқа маблағларнинг банкда боланинг номига очилган шахсий ҳисоб варағида сақлаш чораларини кўриш;
муқобил жойлаштириш шакллари (бундан фарзандликка олиш мустасно)га берилган етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг давлат рўйхатидан ўтказиладиган кўчар ва кўчмас мол-мулкининг
бут сақланилишини таъминлаш ҳамда яшаб турган уй-жойини сақлаб қолиш бўйича чораларни кўриш;
қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда турар-жойга эга бўлмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтож сифатида навбатга қўйилишини таъминлаш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга
уй-жойнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда берилишини, турар-жойнинг сақланилиши ҳамда қонунчилик ҳужжатларига зид равишда бегоналаштирилмаслигини назорат қилиш;
з) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга (ёшларга) ҳамроҳлик дастурлари амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни мустақил ҳаёт кўникмаларига, жумладан маиший-хўжалик ва иқтисодий кўникмаларга ўргатиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, юриш-туриш қоидалари
ва муомала маданиятини шакллантириш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг истакларини ўрганган ҳолда уларни умумий ўрта, ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълимга йўналтириш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қўшимча таълим олишлари, касб-ҳунар ўрганишлари, тадбиркорлик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратиш;
етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб уларни турли спорт машғулотлари ва санъат турлари бўйича тўгаракларга жалб қилиш;
ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълимни тамомлаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар (ёшлар)нинг бандлигига кўмаклашиш;
уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминланишига кўмаклашиш;
психологик ва айрим турдаги ҳуқуқий хизматларни кўрсатиш.
3-боб. Васийлик ва ҳомийлик органининг қарори
юзасидан шикоят қилиш
- Васийлик ва ҳомийлик органининг васийликни ёки ҳомийликни белгилаш, тугатиш, васийларни ёки ҳомийларни ўз мажбуриятларини бажаришдан озод этиш ёхуд четлаштириш тўғрисидаги, дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш ҳақидаги қарорлари, шунингдек, тутинган ота-оналар билан болани тарбияга бериш бўйича шартнома тузиш, бекор қилиш бўйича хатти-ҳаракатлар юзасидан манфаатдор шахслар томонидан судга шикоят қилиниши мумкин.
- Васийлик ва ҳомийлик органининг қарори юзасидан қилинган шикоятлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
4-боб. Якунловчи қоидалар
- Ушбу Низомни қўллаш жараёнида юзага келган низоларни ҳал қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
- Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.