Болалар юрагидаги ҳимоя манзараси
31 Май, 2025
40
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг ЮНИСЕФ ташкилоти ҳамкорлигида “Локомотив” кўнгилочар боғида “Болалар ҳимояси – болалар нигоҳида” мавзусида болалар ўртасида расм чизиш танлови ташкил этилди.
Мазкур тадбир 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 15 майдан кучга кирган “Болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, болалар ва ота-оналарнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил қилинди.
Тадбирда болалар ҳимоя, хавфсизлик, эътибор ҳамда меҳр каби муҳим тушунчаларни ўз нигоҳи орқали тасвирлаш имконини берди. Танловда 100 нафардан ортиқ бола иштирок этди ва ўзининг ижодий ишлари орқали жамиятда болаларнинг ўрни ва ҳуқуқлари борасидаги қарашларини ифода этди.
Тадбир болалар билан очиқ мулоқот шаклида ташкил этилди. Бу мулоқот орқали болаларга “ҳимоя” тушунчасининг чуқур мазмуни – уларни тинглаш, қадрлаш, хавфсиз ва меҳрибон муҳит яратиш орқали уларга бўлган эътиборни намоён этиш – содда ва тушунарли тарзда етказилди.
Тадбир давомида болаларнинг фикрини тинглаш, ва улар жамиятда ўз овозига эга шахслар эканини ҳис қилишларига алоҳида эътибор қаратилди. Биз, катталар, уларни фақат келажагимиз эмас, балки бугунги ҳаётимизнинг муҳим бир қисми сифатида кўриб, уларнинг овозига қулоқ тутишимиз зарурлиги яна бир бор таъкидланди.
Шу билан бирга, болаларга уларнинг ҳуқуқлари эндиликда давлат томонидан қонуний асосда ҳимоя қилиниши, зўравонликка қарши қатъий чоралар мавжудлиги ва бу борада қандай мурожаат механизмлари мавжудлиги тушунтирилди.
“”Болалар ҳимояси – болалар нигоҳида” мавзусида расм чизиш — бу шунчаки ижодий машғулот эмас. Бу болаларнинг ҳимояни қандай тушунишини англашнинг ўзига хос усулидир. Кимдир бу тушунчани катта ёшли инсон тимсолида кўрса, бошқалар уни уйда, мактабда, дўстликда ёки табиатда тасаввур қилади. Бу — болаларнинг ички дунёсини ранг ва образ орқали ифода этган овозидир. Биз, катталар учун эса бу — сўзсиз, аммо мазмунан бой ва таъсирли мулоқот шаклидир.
Танлов якунида барча иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, болалар учун кўнгилочар дастурлар, интерактив фаолиятлар, ўйинлар ва саҳна чиқишлари ташкил этилиб, уларнинг қувончли ва мазмунли кун ўтказишлари учун барча шароитлар яратилди.