“Болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш: Жаҳон ташаббуслари ва Ўзбекистоннинг истиқболдаги имкониятлари” Давра суҳбати ташкил этилди
9 Апрел, 2025
1308
Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш – нафақат инсонпарварлик тамойили, балки адолатли, барқарор ва фаровон жамият қурилишининг асоси саналади. Ҳар қандай кўринишдаги зўравонлик болалик даврини издан чиқаради, имкониятларни чеклайди ва барқарор тараққиётга хизмат қилувчи фундаментал ҳуқуқларни бузади.
Шу муносабат билан 9 апрель куни InterContinental Hotel – Tri меҳмонхонасида “Болаларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш: Жаҳон ташаббуслари ва Ўзбекистоннинг истиқболдаги имкониятлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва БМТнинг ЮНИСЕФ болалар жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашув БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Нажат Маала хонимнинг расмий ташрифи доирасида ўтказилиб, болаларни ҳимоя қилиш борасида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашувини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирнинг асосий мавзуси – 2024 йилда қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини самарали татбиқ этиш ва Ўзбекистоннинг “Богота ЧақириғИ” (Боготá Call to Action) ташаббусига қўшилиш борасидаги қадамлар бўлди. Ушбу глобал ташаббус болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини бартараф этишга қаратилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон расмий равишда Богота Чақириғига содиқлигини тасдиқлади. Ушбу ташаббус бугунги кунга қадар 100 дан ортиқ давлатларни бирлаштириб, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича аниқ йўл харитасини тақдим этади.
Чақириқ қуйидаги устувор йўналишларни ўз ичига олади:
Болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш;
Ҳуқуқий ҳимоя;
Маълумотларга асосланган ёндашувлар;
Болаларни ҳимоя қилиш тизимларини мустаҳкамлаш;
Рақамли муҳитдаги хавфларни бартараф этиш;
Асосий манфаатдор томонлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш.
Тадбирда парламент, вазирликлар, халқаро ташкилотлар, экспертлар, фуқаролик жамияти ва ёшлар вакилларидан иборат 50 дан ортиқ иштирокчилар қатнашди.
Муқокамалар давомида қонунчиликни такомиллаштириш, самарали ҳимоя механизмларини жорий этиш, 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) доирасидаги миллий стратегия ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Богота Чақириғи глобал ташаббусига қўшилиши масалалари муҳокама қилинди.
Янги қабул қилинган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши, эрта жавоб чораларини кўрадиган хизматлар ва комплекс ёрдам дастурларини йўлга қўйиш бўйича таклифларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева кириш сўзида шундай деди:
“Мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши болалар учун хавфсиз муҳит яратмасдан мумкин эмас. Бугунги мулоқот – бу фақат фикр алмашиш эмас, балки бизнинг жамоавий масъулиятимиз ифодасидир. Болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаб, биз бутун жамият келажагини мустаҳкамлаймиз. Бу мулоқот тармоқлараро масъулият ва халқаро бирдамлик учун мустаҳкам пойдевор яратади.”
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўз сўзида таъкидлади:
“Бугунги кунда Ўзбекистонда 13 миллион бола истиқомат қилади, бу мамлакатимиз аҳолисининг 35 фоизини ташкил этади. Ҳар бир оилада ўртача 3-4 нафар бола тарбияланмоқда. Афсуски, кўпинча оилаларда зўравонлик унсурларини ўз ичига олган тарбия усуллари қўлланилади. Болаларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳамон энг долзарб ижтимоий масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Биз бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мамлакатимиз барқарор ривожланишининг асосий пойдевори деб ҳисоблаймиз.
Жорий йилнинг май ойида «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун кучга киради. Бироқ Қонун – бу зўравонликсиз жамият яратиш йўлидаги дастлабки қадам, холос.
Кўплаб фожиалар жамиятдан яширин қолмоқда. Аммо мен учун овози эшитилмай қолган ҳар бир боланинг тақдири муҳимдир. Ҳар бир бола хавфсизлик, ҳимоя ва қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга”.
БМТ Бош котибининг махсус вакили Нажа Маала шундай деди: “Ўзбекистоннинг болалар учун хавфсиз муҳит яратиш йўлидаги ҳаракатлари халқаро эътирофга лойиқ. Болаларга нисбатан зўравонликни бутунлай йўқ қилишга фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан эришамиз — ҳар бир мамлакатда, ҳар бир уйда, ҳар бир мактабда.”
У, шунингдек, Ўзбекистоннинг сиёсий иродаси ва болаларни ҳимоя қилиш борасидаги аниқ амалий қадамлари учун миннатдорлик билдирди: “Богота Чақириғи – бу шунчаки ташаббус эмас, бу глобал мажбуриятдир. Ўзбекистон бу чақириқни амалий ҳаракатлар йўриқномаси сифатида қабул қилаётгани қувонарли. Ҳар бир болани ҳимоя қилиш – бу тинчлик, барқарорлик ва инсоний қадр-қиммат сари йўл.”
Давра суҳбати якунида қуйидаги устувор йўналишлар белгиланди:
Богота Чақириғи доирасида Ўзбекистоннинг Миллий мажбуриятларини белгилаш, аниқ кўрсаткичлар ва идоралараро амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;
Қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва болаларнинг зарур хизматларга киришини таъминлаш;
Олдини олиш, муносабат билдириш ва реабилитация тизимларини мустаҳкамлаш;
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва энг яхши тажрибаларни жорий этиш.
Мазкур давра суҳбати Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини комплекс ҳимоя қилиш тизимини яратиш йўлида муҳим босқич бўлиб, ҳар бир қарор – болалик, қадр-қиммат ва хавфсизлик қадриятларига асосланади.




