Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш
12 Май, 2024
1161
Ҳудудларда мавжуд тажрибани ўрганиш мақсадида Хитойга ташриф якунида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакиллари Шанхайдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайдиган учта муассасага ташриф буюришди.
Шанхай болалар тиббиёт маркази педиатрия, болалар жарроҳлиги ва алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни реабилитация қилиш соҳасидаги муҳим ютуқлари билан ажралиб туради. Марказ ногиронлиги бўлган болаларнинг саломатлиги ва ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Вояга етмаган болаларни ҳимоя қилиш маркази оғир ҳаётий вазиятларда болаларнинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш учун ҳаракат қилмоқда. У, шунингдек, ҳудуддаги болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнайди.
Шанхай реабилитация воситалари кўргазма маркази ногиронлиги бўлган шахслар ва қарияларни реабилитация қилиш ва соғлиғини сақлашга қаратилган кенг кўламли ёрдамчи техник воситаларни тақдим этади. Ушбу марказ ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳаёт сифатини яхшилайдиган воситалардан фойдаланиш имкониятини таъминлашда муҳим роль ўйнайди.
“Ишончимиз комилки, бундай муассасаларнинг тажрибасини ўзлаштириб, янада адолатли ва инклюзив жамият яратишга кўмаклашишимиз мумкин”, — деб қайд этди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.
ИҲМА шу каби муассасалар билан ҳамкорликни давом эттиради ва бу борадаги саъй-ҳаракатларни кучайтиради.





